ТИЛНИНГ МАВҚЕИ – ЭЛНИНГ МАВҚЕИ
- Ko'rilgan: 131
ТИЛНИНГ МАВҚЕИ – ЭЛНИНГ МАВҚЕИ
Байрамолди мулоқоти
Инсонни инсон, миллатни миллат қилиб турган унинг тилидир.Ўзбекнинг бахти бутунлиги ҳам ўз тилига эгалигида. Ҳамиша онамизга қиёслаб гапирамиз ва бунга жуда-жуда ҳақлимиз. Бугунги мулоқотимиз Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номли хорижий тилларни ўрганишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори, ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси, халқ таълими аълочиси Гулчеҳра ҚАЮМОВА билан қутлуғ сана – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида кечаётгани туфайли кўпчиликни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлаймиз.
-Гулчеҳра Муҳаммаджоновна, шу йилнинг 4 октябрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Биз эса қарор билан танишиб. Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида ўзбек тилининг катта аҳамиятга моликлигини янада теранроқ англаб турибмиз.
-Худди шундай. Очиғи, рус давлатига бир юз ўттиз йил тобеликнинг тилимиздаги асоратидан дилимиз кўп озорланган эди. 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг қабул қилиниши бунга чек қўйди. 1995 йилда Олий Мажлис томонидан ўзгартириш ва қўшимчаларнинг киритилиши эса, тилимиз мавқеини кўтариш, софлиги ва фаоллигини таъминлаш ишларини тобора такомиллаштиришни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлади.
Бугун фахрланиб айта оламизки, истиқлол тилимизга ва элимизга порлоқ истиқбол бахш айлади, қадр-қимматини тиклади ва юксалтирди. Телевидение кўрсатувлари, радио эшиттиришлари, матбуот мақолалари ростмана ўзбекона ҳолат, ўзбекона зикру оҳанг, ўзбекона ифода-ю, шаклу шамойил касб этди. Янада қувончлиси, хорижий тилларни ўрганишга қулай имконияту зарур шароитлар яратиб берилаётгани ҳамдир.
-Нима демоқчилигингизни яхши тушундим. Суҳбат мавзусини ўзингиз раҳбарлигингиздаги мактабга боғлашни истаяпсиз. Бу газетхонлар учун ҳам айни муддао. Исҳоқхон Ибрат номидаги ўқув муассасаси бевосита бир неча тилларни ўргатишга ихтисослашгани билан ижод мактаблари орасида алоҳида ажралиб туради, албатта. Эндигина иккинчи ўқув йилини бошлаган зиё масканида қандай натижаларга эришилмоқда.
2018 йилнинг 2-3 май кунлари Президентимиз вилоятимизга ташрифлари чоғида мактаб-интернатимизга кириб, ўқувчи ва ўқитувчилар билан суҳбат қурганлари жамоамизни ғоят руҳлантириб юборган. Давлатимиз раҳбарининг мулоқот давомида: “Ибрат домланинг ҳаёти, у кишининг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона хизматлари нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда. Ёшларимиз шунга муносиб, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етишлари керак” деган фикрларига ҳамоҳанг иш юритяпмиз. Бунинг учун 120 ўринли ўқув биноси ва 140 ўринли тил ўргатиш марказида муҳайё этилган шароитлар ҳар жиҳатдан тўкис. Агар Ибрат домла “Луғати ситтати алсина” – олти тилли луғатига тартиб берган бўлсалар, бугунги ёш авлод саккиз тилни қунт билан ўзлаштириш иштиёқида устозлари сабоғини олишмоқда. Мактабимизда ўзбек, инглиз, немис, француз, рус, корейс ва хитой тиллари бўйича тўгараклар фаолияти изчил йўлга қўйилган. Педагогик жамоамизга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Наманган давлат университети профессор-ўқитувчилари услубий жиҳатдан назарий ва амалий кўмакларини аяшмаяпти. Уларнинг мактабимиздаги методик марказлари кўпинча он-лайн усулида тренинглар олиб бормоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳам режа асосида иқтидорли ўқувчиларимиз билан маҳорат дарслари ташкиллашяпти.
-Юксак эътиборга яраша қилинаётган фаол саъй-ҳаракатлар эндиликда тилга олса арзигудек самаралар бераётгандир?
-Албатта. Педагогларимиз ўртасида “Ўқитмоқ учун ўқимоқ керак” шиори амалда. Улар доимий изланишдалар. Айниқса, олий тоифали она тили ва адабиёт фани муаллимаси Муяссар Боқихонованинг эришаётган ютуқлари диққатга лойиқ. Яқинда у “Йил ўқитувчиси – 2019” кўрик-танлови ғолибига айланди. Моҳир муаллимамиз ўқувчиларига “Сиз ўзбек тилини қанча чуқур ўргансангиз, хорижий тилларни ҳам шу даражада ўзлаштира оласиз” деган фикрни уқтиргани уқтирган. Аслида бу беинкор ҳаётий ҳақиқатдир. Чунки, она тилимизни барча тиллар хазинасининг бебаҳо калити, десак асло янглишмаймиз.Ўқувчиларимизга келсак, 7 та синфда таълим-тарбюия олаётган 143 нафар ўғил-қизларнинг аксаряти иқтидори баланд ёшлар. Уларнинг орзулари бир олам. Шунинг учун эртаю кеч китобдан бош кўтаришмайди. Луғатлардан самарали фойдаланишади. Яқинда Дилобар Маҳмудова “Ёш китобхон-2019” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Битирувчи синф ўқувчиларимиздан Дилшода Ҳакимованинг “Ёруғ йўл”, Дурдона Бекмирзаеванинг “Ҳақиқатга айланган эртак”, Муслима Эргашеванинг “Баҳор табассуми” номли назмий ва насрий китоблари чоп этилди ва тақдимоти ҳамма мактабдошларининг ҳавасини уйғотди. Ҳозирда “Ниҳол” адабий уюшмаси машғулотларида қатнашаётган ижодкор ўқувчиларимизнинг нишона асарларидан иборат адабий альманах (баёз) тайёрлаш ҳам бошлаб юборилган. Бу йилги тил байрами янада сермазмун ўтиши учун тадбиролди тараддуди тобора қизғин тусга кирмоқда. Маънавий-маърифий кеча “Тилнинг мавқеи – элнинг мавқеи” деб номланган. Бебаҳо бойлигимиз бўлмиш ўзбек тилимизнинг ғоят гўзал ва беҳад таъсирчан ифодага эгаллигини ўқитувчи ва ўқувчиларимиз яна бир бор намойиш этишмоқчи.
-Ибрат домланинг издошлари байрамни ўзига хос унутилмас тантанага айлантиришларига она тилининг қадр-қимматини доимо юксак тутувчи ёш тилшунослар “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ўттиз йиллик тўйини муносиб нишонлашларига бизнинг ҳам ишончимиз комил
Суҳбатдош Манзура АБДУЛЛАЕВА.