• +998 69 442-2221
  • Этот адрес электронной почты защищён от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
  • Du-Ju 8:00-17:00

Ushbu sahifa qayta ishlanmoqda
Noqulaylik uchun uzr so'raymiz!!!
Iltimos keyinroq qayta urinib ko'ring!!!

Подкатегории

ҲАР КИМКИ ВАФО ҚИЛСА...

 

Манзура Абдуллаева, Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган ижод мактаби ёшлар иттифоқи етакчиси,

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Шарқ оламида тарих ва адабиётда ўзига хос ўрин эгаллаган буюк шахс ва буюк ижодкор. Унинг насрий “Бобурнома”сини, назмий “Девон”ини наинки ўзбек халқи, бутун дунё аҳли севиб мутолаа қилади, олимлари қизиқиб ўрганади. Бебаҳо асарларининг сермаънолиги худди сертаъм мевалардек суюмлилик касб этганки, ҳануз ўқиб тўймаймиз. Ўқиганимиз сайин мағизли сўзларидан онгу фикрларимиз тўйинади, ақлимизни тўқлаб олгандай ҳис этамиз ўзимизни. Бундай соҳиби куч, соҳиби билим, соҳиби қаламнинг ҳажман мухтасару маъно-моҳиятан ғоят қимматли ҳикматларга тўлиб-тошган меросига эгалигимиздан кўнглимизни беҳад мунаввар туйғулар қамрагани-қамраган.

Биринчи Президентимиз, тарих ва адабиётимизнинг ғамхўри бўлган Ислом Каримов таъкидлаб кетганларидек: “Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзбек халқининг довруғини дунёга таратган улуғ аждодларимиздан бири ўлароқ, ул зот бизни тарихимизни қадрлашга, келажакка буюк ишонч билан қарашга ўргатади”.

Дарҳақиқат, Бобур ижодининг умидбахш таъсири ҳар вақт курашчанлик сабоғини беради. Ҳамиша яхшилик ва ёмонлик ёнма-ён ҳаётда тўғри танлов қилишга, яъни яхшиларга ёндошишу, ёмонлардан сақланишга огоҳлантиради. Инчунун, ўзининг бошидан кечган воқеа ва ҳодисотлардан чиқарган хулосаси ҳосиласи, хоҳ насрий, хоҳ назмий битиклар бўлсин, бизларни турмушнинг мураккаб жараёнларида адашмасдан, гангимасдан омад йўлига юз буришимизни танлашимизга жуда-жуда асқотади.

Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,

Олам элидин турфа ситамлар кўрдум.

Ҳар ким бу “Вақоеъ” ни ўқур, билгайким,

Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.

                                                                    (17.86.).

Демак, “Не ранжу не меҳнату, не ғамлар...” Бобурни улғайтирди. У болалигиданоқ олғов-далғовли ҳаёт наҳрида беҳаловат сузди, таваллуд тупроғига сиғмай, ўзга юртларга бош олиб кетди. Гоҳ ютқазди, гоҳ ютди. Лекин умр бўйи эзгуликка ошноликни тарк этмади. Самимийлигу сахийлик, сермулоҳазалигу сершижоатлилик сермурувватлигу меҳрибисёрлик билан мусофирликда ҳам музаффарлик мақомини мустаҳкамлай олди. Ғариб кўнглининг армонларини аритиш учун одамийлик одатларининг оммалашувида шохлик фармонларидан ҳам кўра, шоир ва адиблик мақомининг серсамаралигини бирор лаҳза ёдидан фориғ қилмади. Қадамба-қадам, агар таъбир жоиз бўлса, ўзидек ўжар сўзларини ҳам тиндирмади, дафтар саҳифаларига сочиб, сатрлаб, байтлаб ва бандлаб, мангуликка муҳрлади.

Ким кўрубдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!                         

Яхшиликни учрагандан кутавериш ҳам ақли расонинг иши эмаслигига ишора бор бу байтда. Гарчи, шоир ўз кўнглига мурожаат қилиб, бошига тушганларини шарҳиҳол тарзида фикрига далилласа-да, бу сиз билан биз учун ҳам ҳаётий дарс эмасми?! Шуни билгандай Бобур энди ўқувчига даъватга ўтади:

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар дахр аро қолди фалондин яхшилиғ!

                                                                             (17.32.).

Ҳа, беш аср илгари қоғозга тўкилган, тилда янграган машҳур ғазалдаги ғоя қуйидагича халқона мақол-ибораларга кўчиб, оммалашган бўлса ажаб эмас: “Яхшидан от қолади, ёмондан дод”, “Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ”.

Мазкур мавзуда Бобур қайта-қайта қалам тебратиши бежиз эмас. У “Яхшидур яхши киши, ҳаргиз ёмонлиқ кўрмасун!” деб тилак билдирса, яхшилик қўлидан келмайдиган кимсаларга ўз вақтида “Яхшилик чун қилмадинг, бори ёмонлиғ қилмағил!” дея уқтирги беради.

Эл орасида машҳурланган бир рубоийсини мавжуд 208 та шундай асарлари ичида жанр жиҳатидан ҳам шаклан, ҳам мазмунан уйғунлашган тож тўртлик сифатида баҳоласак, ҳеч муболағага йўймассиз. Ахир ҳар сатрининг ўзи дурдона ҳаётий ҳақиқатларнинг якунланмаси даражасига кўтарилганини ким ҳам инкор эта олади, аксинча, эътирофлаши шак-шубҳасиз. Эътибор берингга:

Ҳар кимки, вафо қилса - вафо топқусидур!

Ушбу сатрида на сохта ясамалик, на мантиқий гумон зиғирча сезилмайди. Аксинча, алоҳида ажратиб ўқилганда ёки тилга олинганда ҳам қуйма айтим-нақлдан фарқи йўқ.

Ҳар кимки, жафо қилса - жафо топқусидур!

Буниси юқоридагисига антонимик, яъни фикран қаршилантириш ҳолатида ифодаланган. Англашиладики, ким кимга нимани раво кўрса, айнан ўша ўзига қайтади. Замирида огоҳ оҳанги яширинган.

 Учинчи сатр:

Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз,

- дейилгани аввалги ҳар икки хатти-ҳаракатни тарозига қўйишдан кейинги мақсаднинг ойдинлашувидир. Бироқ бу ҳали етарли эмас. Одамдаги яхшининг ибратини дарров, осонгина юқтириб олиш хислати зарурат эмас, ихтиёрийлик хусусиятига эгалиги панду насиҳат соҳиби - шоир сўзларини турмуш тарзига айлантиришга бўлган жазму журъатни ўқувчи кўнглида тўлалигича кучайтиришга қодир эмаслигини чуқур англаган Бобур тўртинчи сатрида кескин ҳукм чиқаради:

Ҳар кимки, ёмон бўлса - жазо топқусидир!

                                   (17.72.).

Ана энди ким жазоланишни истайди, ким ўз жонига жабр етказишни хоҳлайди. Ёки бугунги замон нуқтаи назаридан фикр юритсак, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатнинг эгаси, у кимлигидан қатъий назар суднинг қора курсисига ўтиради. Адолатли қонунларимиз бундайларнинг ақлини киритиб қўйишга, тўғри йўлга солишга, тарбиялашга хизмат қилади.

Бироқ жиноятчини жазолагандан кўра, жиноят содир этилишининг олдини олган юз чандон маъқул. Бобурнинг мазкур рубоийси шу ниятни амалга оширувчи маърифат маёғи рўлини ўйнаши мумкин. Қачонки, фақат ўзимиз ўқибгина қолмай, ўзгаларга ҳам мутолаа қилишни маслаҳат берсак, давраларда ўринли ва самарали фойдалансак.

Биз буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳикматлар уммонининг хазинасидан биргина яхшилик ва ёмонликнинг таърифу тавсифи, мазкур зиддиятли икки ҳолатнинг инсон ҳаётидаги ижобий ва салбий жиҳатларини шарҳлашга интилдик, холос. Аслида насру назмидаги маъно-мазмун жавоҳирларини қанча-қанча тарих ва адабиёт мухлисларига етказмайлик, у ҳеч вақт камаймайди. Ҳамиша мавжланиб, жилваланиб, сеҳрига тортиб, мудом бизларни ўзига ром айлайверади.

© 2021 Ibrat maktab-internati. All Rights Reserved. Design by NISD.Uz